8 март куни Гулистонда уч эгизак қизалоқ дунёга келди

8 март — Халқаро хотин-қизлар куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрилик Мақсуда Каримова ва унинг оила аъзолари учун қўшалоқ шодиёна бўлди. Байрам арафасида бу хонадонда яшовчилар сафига бир йўла 3 эгизак қўшилди.

Ўттиз беш ёшни қаршилаган Мақсудахон бир муддат аввал Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг акушерлик комплексига ётқизилган эди. Бу ерда туғуруқ жараёни маҳоратли шифокорлар назорати остида муваффақиятли амалга оширилди.

Натижада бир йўла уч эгизак қизалоқ — Фотимахон 2,2 кг, Зуҳрахон 2,5 кг, Заҳрохон 2,2 кг вазн билан дунёга келди.

Айни пайтда онанинг ҳам, чақлоқларнинг ҳам саломатлиги яхши. Тажрибали мутахассислар назорати остида парвариш жараёни давом эттирилмоқда. Эгизаклар ўз уйига қайтгач, Мақсуда Каримова жами олти нафар фарзанд тарбияси билан шуғуллана бошлайди.