Соғлиқни сақлаш соҳасида қайси фаолият турлари лицензияланади?

Соғлиқни сақлаш соҳасида лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонунлари билан белгиланади.

Лицензиялаш асосида амалга ошириладиган фаолият турлари қуйидагилар:

-тиббий фаолият;

-фармацевтика фаолиятининг айрим турлари;

-тиббий туризм;

-соғлиқни сақлаш соҳасидаги гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомаласи билан боғлиқ фаолият.

Рухсат этиш асосида амалга ошириладиган фаолият турлари:

-махсус киритиладиган биологик актив моддалар, янги кимёвий моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, биологик воситалар ва материаллар, полимер ва пластик массалар, парфюмерия-косметика маҳсулотларини олиб кириш ҳамда ишлаб чиқариш;

-маҳсулот, ишлаб чиқариш жараёнлари ва кўрсатиладиган хизматларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш;

-дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникадан *тиббий мақсадларда фойдаланиш;

-гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит тарзида ўтказиш;

-ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини тажриба сифатида қўллаш;

-рентген ускунасидан фойдаланиш;

-санитария-эпидемиология соҳасида норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни кўриб, келишиб бериш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, хавфли кимёвий, радиоактив моддалар, биологик воситалар ва материаллардан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятга рухсат бериш тартибида амалга оширилади.

Шунингдек, офтальмология тиббий буюмларининг чакана реализацияси (оптика) бўйича фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик бўйича фаолият ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга оширилади.