Зангиотадаги клиникага янги жамоат транспорти йўналиши қўйилади

Ижтимоий тармоқларда Ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси вақтинчалик кўчирилгани ва жамоат транспорти мавжуд бўлмагани ходимларга ноқулайлик туғдираётгани тўғрисида эълон қилинган хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг таъкидлашича, мазкур ҳолат юзасидан амалий ёрдам сўраб Транспорт вазирлигига мурожаат қилинди.

Натижада 2-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига янги шаҳар жамоат транспорти йўналишини ташкил этиш юзасидан Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси ва Тошкент вилояти транспорт бошқармаси мутасадди ходимлари томонидан атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш натижасига кўра, шифохонадан 5-метро бекатигача бўлган масофа 6,9 км.ни ташкил этаётгани, шифохонага келиб-кетаётган ишчи-ходимларга ноқулайликлар юзага келаётгани сабабли янги автобус йўналишини ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги маълум бўлди.

Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси берган маълумотига кўра, ҳозирги кунда метро бекатидан Зангиотадаги клиникага қадар 154-сонли йўналиш ишлаб чиқилиб, тендерга қўйилган. Йўналиш тендер ўтказилгандан сўнг 21 мартгача ишга туширилади.