Ижтимоий тармоқларда «Вазирлик ва идоралар ходимларининг Меҳнат шартномаларини бекор қилиш жараёнлари вақтинчалик тўхтатилиши ва огоҳлантириш муддатларини узайтириш» юзасидан кенг тарқалаётган хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги муносабат билдирди.
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269-сон ҳамда 2023 йил 25 январдаги ПФ-14-сон Фармонлари билан маъмурий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ушбу ислоҳотлар давомида штат бирликлари қисқартирилган ходимларни иш берувчи томонидан ишга жойлаштириш чораларини кўриши белгиланган.
Ҳозирги кунда штат бирликлари қисқартирилган ходимларга меҳнат шартномасини бекор қилиш юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган.
Меҳнат кодексининг 102-моддаси талабларидан келиб чиқиб, огоҳлантириш муддатларини узайтириш иш берувчининг ҳуқуқи ҳисобланади.
Амалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддаси биринчи қисми 1-бандида огоҳлантириш муддати камида икки ой олдин берилиши кераклиги белгиланган. Шунга кўра иш берувчи томонидан ушбу огоҳлантириш муддатини узайтириш қонуний ҳисобланади.
Бу жараён ходимга огоҳлантириш муддати узайтирилганлиги маълум қилинган хат (хабарнома) тақдим этиш орқали амалга оширилиши тавсия этилади.
Белгиланган муддатларда ишга жойлаша олмаган ходимларнинг огоҳлантириш муддатини узайтириш уларга ўзига мақбул иш ўрни топишида имконият яратади.
Бундан ташқари, иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларнинг ишдан бўшатилиши тўғри расмийлаширилганлиги, етарли асослар мавжудлиги ва белгиланган тартибга риоя этилганлигини қайта кўриб чиқишни тавсия этамиз.
Амалдаги Меҳнат Кодексининг 92-моддасига кўра, штатлар сони қисқартирилган иш берувчи ходимни ишга жойлаштириш чораларини кўриши шарт. Ушбу талабга риоя этилмаган тақдирда ноқонуний ишдан бўшатиш ҳисобланади», дейилади вазирлик хабарида.