Абулфайзхон отган ўқ ёввойи тўнғизнинг манглайидан кириб, қуйруғининг учидан чиққанича ерга санчилган экан. Бундай ҳайратланарли воқеа ов пайтида камдан-кам содир бўлади…
Шикор нафақат Хива тахтида ўтирган жами 57 хон учун, балки барча Шарқ давлатлари учун ҳам серзавқ ҳордиқ ҳамда ҳарбий маҳоратни синаб кўрадиган удум даражасига чиққан эди. Шунинг учун ов пайтида рўй берган воқеалар афсона, ривоятлар ва шеъриятда ўз ифодасини топган.
Ўрта асрлардан бошлаб Хоразм воҳасининг бепоён қумликлари, Амударё бўйлари, дарё ортидаги Шайх Жалил тоғи, беҳисоб кўллар Хива хонлари учун ов қиладиган жойларга айланган эди. Ҳукмдорларнинг шикори кўп вақт ва маблағ талаб қилган. Хива хонлиги архив ҳужжатларида шундай дейилади:
«Хон ҳазратлари шикорга чиққанларида ярим пуд қанд берилди, ҳазратнинг ва оқсоқолларнинг отларига ем-ҳашак олиш учун 10 тилло ажратилди…» «Шикорга чиқаётганда хон ва оқсоқолларнинг отларига ем-ҳашак олиш учун 5,5 тилла берилди…»
Бир ҳафта, ҳатто бир-икки ой вақтни оладиган шикорга қуролланган хос қўшиндан ташқари, овчи ит ва қушлар ҳам жалб этилган. Хивага яқинроқ Остона, Қўриқтом тарафлардаги қамишзор, кўл, қумликларда ёввойи тўнғиз, каклик, қуёнлар кўп бўлган. Шикор пайтида одатда «ўраб олиб овлаш» усули қўлланилган. Бунда навкарлар жуда катта майдонни ўраб олишар, қуршов доирасини аста-секин торайтириб, ҳайвонларни пистирма қўйилган жойга ҳайдашарди.
Аҳмаджон Табибийнинг «Таворих ул-хоний» асарида ёзилишича, 1771 йилда бир йилгина хон бўлган Абулфайзхон шикорга ғоят қизиққан ҳукмдор бўлиб, у Остона (ҳозирги Янгиариқ туманидаги қишлоқ)даги қамишзордан чиққан тўнғизни бир ўқ билан қулатган. Ўшанда отилган ўқ ҳайвоннинг манглайидан кириб, қуйруғидан чиққанича ерга санчилган. Умуман олганда, шикор навкарларнинг ҳарбий маҳоратини синаш мақсадида ҳам ўтказиларди.
Шунингдек, урушлар олдидан, баъзан уруш вақтида ҳам, озиқ-овқат заҳирасини тўлдириш мақсадида овга чиқилган. Шикорда ҳайвонларни ҳайдаш, қувиш, ярадор ҳолда қочган ўлжани топишда итлардан фойдаланишган. Ит ўлжага қон чиқадиган даражада жароҳат етказиши лозим бўлиб, бунга имкон яратиларди.
Акс ҳолда, ўлжа гўшти ҳаром ҳисобланарди. Ит жароҳатлаган ҳайвонни овчи бўғизлаши лозим эди. Агар унинг ўзи ўлган бўлса, гўштини ейиш ман этилган. Шу боис итлар ва уларни овга ўргатган эгалари хонликда қадрланган. Ит каби бургутлар ҳам овга жалб этилиб, улар махсус парваришланарди.
Хуллас, шикор Хива хонлигида фақат ҳукмдор ва амалдорларнинг шунчаки кўнгилхушлиги эмас, ҳарбий маҳоратни оширадиган машғулот ҳисобланган.
Умид БЕКМУҲАММАД,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,
«Дўстлик» ордени соҳиби