Уйқусизликнинг саломатлик учун зиёни катта. Бу омил бора-бора жиддий касалликлар ва ҳатто эрта ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Хитойнинг Гуанчжоу тиббиёт университети олимлари ана шу салбий оқибатларни камайтириш йўлини топди.
Бунинг учун 40 ёшдан 73 ёшгача бўлган 92 минг киши тадқиқотга жалб этилди. Уларнинг саломатлик кўрсаткичлари етти йил давомида билакларига тақилган акселерометр ёрдамида тўплаб борилди.
Эксперимент давом этган етти йил ичида иштирокчилардан 1074 нафари юрак-қон томир, 1871 нафари саратон касаллигидан вафот этгани қайд этилди.
Синов жараёнига жалб этилганлар — кам ухловчилар (6 соатдан оз), нормал уйқу соҳиблари (6-8 соат) ва кўп ухлайдиганлар (8 соатдан ортиқ) гуруҳларига ажратилди. Шунингдек, уларнинг жисмоний фаоллик даражаси паст, ўрта ва юқори, деган уч мезон асосида тоифаланди.
Якунда камҳаракат қатнашчиларда уйқусизлик юрак-қон томир касалликларидан ўлим хавфини 69 фоизга ошириши маълум бўлди. Суткасига 8 соатдан кўп ухлаб, спортни эътиборсиз қолдирганларда эса саратондан ўлим хавфи 21 фоизга юқорилаган.
Спорт билан фаол шуғулланган иштирокчиларда эса эрта ўлим хавфи билан уйқу давомийлиги ўртасида боғлиқлик аниқланмади.
Шундан келиб чиқиб, хитойлик олимлар уйқусизлик ва унинг асоратларини жисмоний машқлар орқали камайтириш мумкин, деган хулосага келди.