«Ташаббусли бюджет»да 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган лойиҳалар учун 1,3 трлн сўм ажратилади

«Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 2023 йил 1-мавсумида иштирок этиб, 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган лойиҳалар учун 1,3 триллион сўм ажратилади.

Маълум бўлишича, 2 мингдан ортиқ овоз тўплаб, лекин ғолиб деб топилмаган 1 309 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча 1,3 триллион сўм маблағ ажратилади. Бунда қўшимча 1182 та маҳалла бўйича 4,3 млн нафар фуқаро овоз берган лойиҳалар амалиётга татбиқ этилади.

Шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт муассасаларини таъмирлаш ва моддий техника базасини ривожлантириш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича ҳар бири 1,5 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган лойиҳалар таҳлили ўтказилиб, 2024 йил учун буджет сўровида уларни таъмирлаш, жиҳозлаш ва харид қилиш харажатларини рўйхатга киритиш кўзда тутилади.

Натижада республикадаги 164 та мактаб, 30 та боғча ва 32 та тиббиёт муассасаларида таъмирлаш, жиҳозлаш ва бошқа лойиҳаларда белгиланган ишларни амалга ошириш учун 304,6 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилади.