Тиббиётда касалликлар профилактикасига алоҳида эътибор қаратилади. Сабаби ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар миллионлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
Шу боисдан мамлакатимизда Миллий профилактик эмлаш календарига мувофиқ, 13 турдаги юқумли касалликлар, жумладан, тепкига қарши режали вакцинация ўтказилади.
Хўш, ушбу хасталик нимаси билан хавфли? Унга қарши қўлланиладиган вакцинанинг самарадорлиги қандай?
Ушбу саволларга Санитария-эпидемиология қўмитаси бўлим бошлиғи Дилором Турсунова жавоб берди.
— Халқ орасида “тепки” деб аталадиган ушбу касаллик тиббиётда эпидемик паротит деб номланади. Бу вирусли инфекция асосан болаларда кузатилиб, оғиз ва бурун орқали қонга тушади ва организмдаги безлар (сўлак бези, ошқозон ости бези, тухумлар ва тухумдон)га шикаст етказади. Қолаверса, марказий асаб тизимларида йирингсиз яллиғланиш кузатилади. Хасталик туфайли энг кўп қулоқ олди сўлак бези зарарланади. Оқибатда у шишиб кетади.
Инфекция бемор йўталганда ва акса урганда ҳаво-томчи орқали ҳамда ошхона ёки гигиеник анжомлардан фойдаланиш натижасида юқади. Тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик, оғиз қуриши, эт увишиши ва кучли бош оғриқ ушбу хасталикнинг белгилари ҳисобланади.
Ушбу касаллик асоратлари билан хавфли ҳисобланади. Энг ёмони, ўсмирлик чоғида тепкига чалинган ва нотўғри даволанган болалар ўртасида бепуштлик юзага келиши эҳтимоли юқори.
Афсуски, баъзи ота-оналар ёши катта ёки эгизак фарзанд кўрган аёлнинг “тепки”си болани бу дарддан халос этади, деб ўйлайди. Аслида эса бу “даво чораси”нинг ҳеч қандай фойдаси йўқ. Аксинча, ушбу касалликнинг олдини олиш, хусусан, унга қарши эмланиш энг самарали усул ҳисобаланади.
Эмлаш икки босқичда, яъни бола 1 ва 6 ёшга тўлганида КПК вакциналари билан амалга оширилади. Айтиш керакки, тепкига қарши воситанинг самарадорлиги биринчи дозаси юборилганда қарийб 90 фоизга тенг.
Баъзан эмланганда ноъжўя таъсирлар енгил кўринишда кузатилади. Яъни, инъекция жойида кучсиз оғриқ, сезилар-сезилмас шиш ва бироз тана ҳарорати кўтарилиши мумкин.
Энг муҳими, бу амалиёт ўз вақтида ва тўғри бажарилса, кичкинтойнинг хасталикка чалиниш хавфи кескин пасаяди.