Кеча, 5 май куни ижтимоий тармоқларда елкасига байроқли лента тақиб олган йигитни ИИБ ходимлари олиб кетаётгани акс этган видео тарқалди.
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида яшовчи ўсмир йигит «Битирувчи» деб ёзилган байроқли тасма тақиб юргани учун ИИБга олиб кетилган ва жаримага тортилган.
Ҳолат бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари Қодир Жўраев муносабат билдирди.
«Шу ўринда ўсмир йигитнинг ушбу ҳатти-ҳаракатини ҳуқуқбузарлик деб малакалаш қанчалик тўғри, деган ҳақли эътирозлар билдирилмоқда. Азбаройи қонун ва адолат нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, бу ерда ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик содир этилмаган», дейди депутат ва буни қуйидагича изоҳлайди:
Биринчидан, «Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуннинг 52-моддасида давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмаслиги белгиланган. Бироқ йигит байроқли тасмадан тижорат мақсадларида фойдалангани йўқ.
Иккинчидан, давлат байроғига ҳурматсизлик қилишда шахсни айбдор деб топиш учун айбдорнинг давлат байроғига ҳурматсизлик қилишда ифодаланадиган фаол ҳаракатлари бўлиши керак. Одатда ҳурматсизлик қилиш қонунга хилоф, ижтимоий хавфли ҳаракатда ифодаланган бўлади. Масалан, байроқни йиртиш, йўқ қилиш, шикаст етказиш, ёқиб юбориш, шунингдек, уни булғовчи белги, расмлар ёки ёзувлар киритиш ва ҳоказолар билан содир этилади. Бироқ йигит томонидан юқоридаги хатти-ҳаракатларнинг бирортаси содир этилмаган.
Бинобарин, йигитни на Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 203-1-моддаси (Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик), на Жиноят кодексининг 215-моддаси (Давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш) бўйича жавобгарликка тортиш мумкин эмас.
Аксинча, миллий байроғимизни фахр-ифтихор ила кўкрагига тақиб юргани учун йигитга, унга шундай тарбия бергани учун ота-онасига раҳмат айтишимиз керак.
Бироқ ҳаммасидан кўра ИИБ томонидан ушбу ҳодиса юзасидан берилган ғалати баёнот кишини ажаблантиради. Унда ички ишлар ходимларининг хатти-ҳаракатларини оқлашга ҳаракат қилинган. Гўёки йигит ИИБ ходимларининг байроқни бундай олиб юриш мумкин эмаслиги тўғрисидаги қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга қаршилик кўрсатган эмиш.
Албатта, ички ишлар органлари ходимларининг бундай хатти-ҳаракатлари ва уларни пухта текширмай, шошма-шошарлик билан берилган бундай баёнотлар бутун тизимнинг ишчанлик обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, ички ишлар ходимлари билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат юзасидан чуқур хизмат текшируви ўтказилиб, унинг натижалари холисона равишда жамоатчиликка тақдим этиб борилиши жуда муҳимдир, деб ёзади Қодир Жўраев.