Мамлакатимиз суверенитетини янада мустаҳкамлашда глобал иқлим ўзгариши, озиқ-овқат, энергетика, логистика билан боғлиқ хавф-хатарлар, сув тақчиллигининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича янги ташаббус ва дастурлар ишлаб чиқилиши ва ҳамкорларимиз билан бирга фаол иш олиб борилиши қайд этилди.
«Биз Ўзбекистонни ижтимоий давлат, деб эълон қилдик. Мамлакатимизда 2 миллион 200 мингдан зиёд ижтимоий кўмакка муҳтож, давлатдан ёрдам олаётган оилалар бор. Аҳолимизнинг 55 фоизи ёшлардан иборат.
Янгиланган Конституциямизда давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари 3 баробар кўпайтирилмоқда.
Бу рақамни айтиш осон, лекин уни амалда таъминлаш жуда катта меҳнат талаб қилади. Бунга давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча 30-40 триллион сўм ажратиш керак бўлади», — деди Президент.
Бунинг ҳисобидан ҳар йили юзлаб янги боғчалар, мактаб ва шифохоналар қуриш лозимлиги таъкидланди.
- Ёшлар сиёсатини, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантиришни устувор вазифа сифатида юқори босқичга кўтариш бўйича ҳам янги имкониятлар сафарбар этилади.
- Нуронийлар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган инсонлар, алоҳида эътиборга муҳтож аҳоли қатламига ижтимоий хизматлар кўлами янада кенгайтирилади.
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори мунтазам ошириб борилади.