Президент томонидан имзоланган қонун (ЎРҚ–841-сон, 10.05.2023 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик, оз миқдорда талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача (6 млн 600 минг сўмдан 13 млн 200 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, юқорида қайд этилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади:
- ▫️БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима;
- ▫️3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
- ▫️300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
- ▫️3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
- ▫️3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Ўша ҳаракатлар:
- кўп миқдорда зарар етказган ҳолда; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Ўша ҳаракатлар:
жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилмайди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач кучга киради.