Янгиҳаёт туманида болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш кўрсаткичи 65 фоизга етган

Янгиҳаёт тумани ҳокимлигида туман ҳокими ўринбосари Дониёр Халисов иштирокида «Янгиҳаёт туманида бунёдкорлик ишлари — 2022-2023 йиллар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ogoh.uz мухбири маълум қилди.


Маълум қилинишича, туман ҳудудида 170 миллиард сўмга жами еттита 2 минг 860 қувватли янги мактабгача таълим ташкилотлари қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилди.

Шу билан бирга, жами 26 миллиард сўмга 1 080 қувватли 121-, 566-сонли мактабгача таълим ташкилотларида реконструкция ва таъмирлаш ишлари якунланди ва фойдаланишга топширилган.  

«10 та мактабгача таълим ташкилоти жорий таъмирланди. Мазкур давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида, 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш кўрсаткичи 65 фоизга етди. Туманда 2 та: ҳар бири 250 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника ҳамда Тез тиббий ёрдам станцияси қуриб, фойдаланишга топширилди», дея такидлади туман ҳокими ўринбосари Дониёр Халисов .  

Шунингдек, туманда яна битта янги Оилавий поликлиника қуриш ишлари бошланган. Бундан ташқари, 37-сонли марказий поликлиника ҳамда 1 та кўп тармоқли шифохона қуриш режалаштирилган. Ҳозирда ушбу соғлиқни сақлаш объектларини қуриш учун лойиҳа ва лойиҳа олди ишлари олиб борилмоқда.  

«Туманда ички йўлларни таъмирлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2021-2023-йилларда 30 та маҳаллада 10 миллиард сўмга умумий узунлиги 7,6 км. йўл асфальт қопламаси билан таъмирланди.  «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2021-2023 йил давомида 127 минг 936 дона ҳар хил турдаги манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди. 5 та «яшил боғ» ташкил этилди», дея қўшимча қилди ҳоким ўринбосари.