Қўрғонтепа туманида «замҳоким»ликка тайинланиши мумкин бўлмаган одам «замҳоким» этилгани аниқланди



Бир йил аввал, 2022 йил 17 май куни Қўрғонтепа тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Баҳромжон Турсуновга 1 йил муддатга маҳаллий ҳокимият органларида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Ҳукм 2 июлдан кучга кирган. Яъни Турсунов 2023 йил 2 июлгача “замҳоким” бўла олмаслиги керак эди.

Шунга қарамай, жазо муддати тугашига уч ойдан кўпроқ вақт бўлишига қарамай, Қўрғонтепа ҳокимлиги 4 апрель куни унинг яна “замҳоким” бўлгани ҳақида хабар берган (туман ҳокимининг бу ҳақдаги қарори 5 апрель куни чиққан; туман кенгашидан айтишларича, Турсуновни “шу ишлаб турсин” деб вилоят ҳокими қўйиб кетган).

Журналистлар бу ҳолатни суриштира бошлагач, Баҳромжон Турсуновга тайинланган жазони муддатидан илгари тугатишни сўраб Қўрғонтепа тумани ҳокими Элёрбек Набижонов шахсан ўзи судга мурожаат қилган. Суд 27 апрель куни – “замҳоким”ликка тайинланиши мумкин бўлмаган одам “замҳоким”ликка тайинланиб бўлганидан 22 кун ўтиб – ҳокимнинг бу илтимосини қаноатлантирган.