Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги кўргазмасига ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи иккинчи куни доирасида қатор ишбилармонлик тадбирлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти Хитой Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Хэ Лифэн ҳамроҳлигида шу кунларда Сиань шаҳрида ўтаётган Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги кўргазмасига ташриф буюрди.

Кўргазма доирасида Сиань шаҳри ҳамда Сирдарё, Тошкент, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ўртасидаги телекўприк орқали янги қўшма лойиҳаларни тантанали ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Жами 3,3 миллиард долларлик 15 та лойиҳани — автомобиль ва электромобиллар, қурилиш материаллари, металлдан кенг турдаги маҳсулотлар, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширди ва янги корхоналар қурилишига старт берилди.

Шундан сўнг Ш.Мирзиёев Хитой ишбилармон, молия ва инвестиция доираларининг етакчи вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда 100 дан ортиқ йирик компания, корпорация, банклар, тижорат ва молиявий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.