Қонунчиликка кўра, абитуриентлар олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказларига мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХП (my.gov.uz) орқали рўйхатдан ўтади.
Имтиёзга эга абитуриентлар, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва паспорт ёшига етмаганлар давлат хизматларидан фойдаланиш учун Марказларга мурожаат этади.
Абитуриент ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими абитуриент номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда сўровнома бўйича маълумотларни Давлат тест марказининг тизимига махсус дастур орқали электрон равишда киритади.
Марказ ходими томонидан сўровномага тегишли маълумотлар киритилиши учун абитуриент Марказ ходимига қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхасини тақдим этади:
фуқаролик паспорти (ички ишлар бўлимлари томонидан берилган 09-шакл бўйича жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, паспорт серияси ва рақами кўрсатилган маълумотнома);
паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан);
Президентнинг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.
Ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган муддатлари тугагандан сўнг сўровномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш қатъиян ман этилади.
Абитуриентдан қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.