Пойтахтда 32 мингдан ортиқ товар-моддий бойликлар йўқ қилинди


Жорий йилнинг 30 май куни Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.07.2009 йилдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларидан келиб чиққан ҳолда, Янгиҳаёт туманида жойлашган «Clean med servise gr» МЧЖ омборхонасида йўқ қилиш тадбири бўлиб ўтди.


Тадбирда Давлат санитария-эпидемиология хизмати, Табиат ресурслари вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жалб этилди.
Тадбир давомида жами, 150 та ижро ҳужжатлари бўйича қарийб 1,5 млрд. сўмлик 32.630 дона товар моддий бойликлар ва далилий ашёлар санитария-эпидемиология хизмати ҳамда Табиат ресурслари вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармаси органлари билан келишилган усулларда яроқсиз ҳолатга келтирилиб, йўқ қилиб ташланди.


Йўқ қилинган товар моддий бойликларнинг аксарияти, кучли таъсир этувчи дори воситалари (Тропикамед, Зардекс, Регопен ва бошқалар), диний-экстремистик мазмундаги материаллар сақланаётган уяли алоқа телефон аппаратлари (IPHONE, SAMSUNG, RED MI ва бошқалар), дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, қалбаки АҚШ доллари, шунингдек, Суд қарори ва экспертиза хулосасига кўра бевосита истеъмол (фойдаланиш) учун яроқсиз деб тан олинган бошқа товарларни ўз ичига олади.