Марказий банк Раисининг Сенатдаги чиқишида уруш бошлангандан буён 60 мингдан ортиқ норезидентлар ўзбек банкларида ҳисобварақлар очганлиги ва уларнинг маблағлари 892 млн.доллар атрофида экани маълум қилинган. Бу жами чакана депозитларнинг (6 млрд.доллар) қарийб 15%и дегани.
Норезидентларнинг банк тизимидаги маблағларининг кескин ошиши аксар постсовет давлатлари банклари учун янги чақириқларни яратмоқда. Масалан, Грузия Марказий банки норезидентларнинг пул маблағлари жуда қисқа муддатларда ва тез чиқиб кетиши эҳтимолини ҳисобга олиб грузин банкларига норезидентлар депозитларининг камида 80 фоизини ликвид активларда ушлаш талабини киритмоқда.