“Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–82-сон, 01.06.2023 й.) қабул қилинди
Фармонга кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва ҳудудларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди.
Қуйидагилар Агентлик тузилмасига ўтказилади:
2024 йил 1 январдан:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидан болалар уйлари;
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан меҳрибонлик уйлари;
маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тизимидан вояга етмаганлар билан ишлаш секторлари ҳамда оилавий болалар уйлари.
2024 йил 1 августдан:
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар
ва мактаб-интернатлар, кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидан имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблари.
🗓 2023 йил 1 июлдан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ходимлар гуруҳлари ташкил этилади.
2023 йил 15 августгача аҳолини ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш дастурлари бўйича, шу жумладан уларнинг мобил алоқа воситаларига маълумот юбориш орқали хабардор қилиш амалиёти жорий этилади.
2024 йил 1 январгача:
давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматларни кўрсатиш стандартларини ҳамда уларнинг ижросини мониторинг қилиш мезонлари;
ногиронлиги бўлган шахсларни уйда парваришлаш билан банд бўлган оила аъзоларига кўмаклашиш бўйича ижтимоий ҳимоя механизмлари ишлаб чиқилади.
2023 йил 1 октябргача “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими ишга туширилади.
2023 йил 1 октябрдан:
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими Агентлик тасарруфига ўтказилади;
аҳолига кўрсатиладиган барча турдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар, шу жумладан кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдамлар бўйича аризалар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали қабул қилинади.
2024 йил 1 январдан “Меҳр дафтари”, “Саховат ва кўмак”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва кўмаклар қамраб олинади.
Ҳар ҳафтанинг жума куни “Меҳр ва саховат куни” сифатида белгиланиб, барча давлат органлари ва ташкилотлари эҳтиёжманд аҳоли, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш, уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда хайрия тадбирлари ўтказилади.