Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал-Соний 5—6 июнь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, олий мартабали меҳмон ташрифининг асосий тадбирлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Бўлажак олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади. Бунда, энг аввало, фаол сиёсий мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш, энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш эътибор марказида бўлади.
Давлат раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалаларини ҳам муҳокама қилади. Учрашув якунида салмоқли ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, Қатар амирининг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 25 йилдан зиёд тарихида биринчиси бўлади.