Ўзбекистонда янги тутзорлар барпо қилиш учун 105 минг гектар ер майдонлари ташкил қилинади ва улар доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига берилади.
Бу борада Президент тегишли фармонни имзолади.
Фармонга кўра, 2023 йил июндан ҳудудларда:
- ипак қуртини парваришлаш, етиштирилган пиллани харид қилиш, қайта ишлаш, қўшилган қиймат занжирини яратиш, тайёр маҳсулотни ички бозорга йўналтириш ва экспорт қилиш билан шуғулланадиган янги пиллачилик кластерлари;
- тут кўчатларини етиштириш, тутзорларни барпо қилиш, ипак қуртини парваришлаш, пилла хомашёсини тайёрлаш билан шуғулланадиган пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги янги фермер хўжаликлари ташкил этилади.
Янги тутзорлар барпо қилиш учун ер участкалари 10 гектардан кам бўлмаган ўлчамда пиллачилик кластерлари, пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига, истисно тариқасида, ижара ҳуқуқи асосида ажратилади.
Фармонга кўра, ҳудудий «Агропилла» масъулияти чекланган жамиятларига тегишли бўлган ва аҳолига оилавий пудрат шартномаси асосида бириктириладиган тутзорлар майдони 0,5 гектардан 2 гектаргача этиб белгиланди.