2023 йил 4 июнь — Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБ ходимлари бир йигитни (лўли миллатига мансублиги айтилади, -таҳр.) ўғирликда гумон қилиб, терговга жалб қилгани ва тергов вақтида уни уриб ўлдириб қўйган.
2023 йил 29 май — Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 21 ёшли йигит терговдан қочиш мақсадида ҳожатхонадан пастга сакраб, вафот этди. Марҳум йиқилгани айтилган жойни кўриш ва тасвирга олишга ИИВ рухсат бермади. Прокуратура экспертизанинг дастлабки хулосасини очиқламади. Шифокорлар бемор олиб келинганида унда йиқилиш аломатлари бўлмаганини айтишмоқда.
2022 йил 16 октябрь — Фарғонадаги бозорда ўғрилик қилмоқчи бўлган 14 ёшли ўсмир қўлга олиниб, Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Эртаси куни у шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этди. ИИБ биносидан 14 ёшли ўсмир мурдаси чиқди.
2022 йил 5 ноябр — Алимент тўламагани учун маъмурий тартибда қамоққа олинган Рашид Болиев уч кун ўтиб вилоят руҳий касалликлар шифохонасида вафот этди.ИИБ ва шифохона бир-бирининг далилларини инкор этяпти.
2021 йил 13 июнь — Каттақўрғонда 41 ёшли солиқ мулозими ички ишлар ходимлари томонидан мажбуран олиб кетилиш жараёнида вафот этди.
2020 йил 26 январ — Қашқадарёда мол ўғрилигида гумон қилинган 32 ёшли эркак ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этди.
Сўнгги вақтларда ИИБ биносида фуқароларнинг вафот этиши ижтимоий тармоқ фаоллари ҳамда аҳоли вакиллари орасида кескин норозиликларга сабаб бўлмоқда. Аксарият фаоллар Вазир истеъфоси билан бир қаторда тизимни ислоҳ қилиш кераклиги ҳақида ёзмоқда.
«Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБдан яна бир фуқаро Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Президентига ишониб, оёғи билан юриб кириб, ўлиги чиқибди.
ИИБдаги муаммо ҳақида ёзсак троллит, ҳақорат, кибербуллинг қилаётганлар шуни ўқинглар. Муаммо тизимда. Тизим ислоҳга муҳтож. Ислоҳ қилмасак бундай ҳолатлар бўлаверади. Ислоҳ қилишни вазир Бобожоновни ишдан оли билан бошлаш керак», дея ёзмоқда блогер Олимжон Ҳайдаров.
Элтуз нашри эса,Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари лўли миллатига мансуб бир болани ўғирликда гумонлаб, ИИБ биносида калтаклаб уриб, ўлдириб қўйганлар.
Ортидан 250-300 яқин лўлилар ИИБ биносига бостириб кириб, ИИБ ходимларини ҳар хил нарсалар билан калтаклаб ташлабди, дея ёзмоқда.
Блогер Давлетов ўзининг телеграм каналида Ички ишлар тизими ислоҳ қилиниши керак. Етти йилдан бери такрорланади. Юқоридаги ва бошқа ҳолатлар ички ишлар органларига кириб қолган «бир-иккита ноинсоф» ходим эмас, балки тизимли муаммо, муаммо бўлса ҳамки, бунга косметик ислоҳотлар билан эмас, қатъий ва тизимли асосда чора кўрилиши лозим.
Ички ишлар органларининг инсоний юзи пайдо бўлиши керак. Бунинг учун тизим бошқарувини тўлақонли янгилаш, тизим шаффофлигини таъминлаш ва самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг вақти келди. Йўқса, ИИВ бошқарувидаги уқувсизлик ва хоҳишсизлик давлатга, сиёсатга доғ бўлиб, ўзини доимо эслатиб тураверади, дея ёзиб қолдирган.
Блогер Мирсаид Ҳайдаровнинг ёзишича, хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бабаханов, унинг биринчи ўринбосари В.Худайқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Ачилов, шунингдек навбатчилик қисми масъули Ш.Ибрагимовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Ўғирликда гумонланган фуқаро ичкаридан ўлик ҳолда чиқади, аммо бу ерда айбдор мансабдорлар оддийгина лавозимидан озод этилиб қўйилади холос. Юқоридаги фаолларнинг сўзларида жон бор. Тизимни тублан ислоҳ қилиш керак. Бу ерда битта ёки иккита ходимнинг айби эмас, бутун бошли вазирлик олиб бораётган сиёсатнинг меваси натижа бермоқда…