Жиззах вилоятида жойлашган Миллий гвардия тасарруфидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат ўтаётган янгийўллик 18 яшар йигит вафот этди. У 2023 йилнинг 14 апрель куни ҳарбий хизматга чақирилган, 14 май куни эса тантанали равишда ҳарбий қасамёд қабул қилган.
2004 йил 21 августда туғилган Отабек Турсуналиев 18 май куни отасига қўнғироқ қилиб, Даштобод деган жойга кетаётгани, 18 нафар аскар билан ўша ерда ҳарбий полигонда хизмат қиладиган бўлишганини айтган.
7 июнь куни аскар Самарқанддаги ҳарбий госпиталга ётқизилади. У яқинларига ошқозони шамоллагани учун даволанаётганини айтган. 15 июнь куни йигитнинг отасига ўғлининг вафот этгани ҳақида хабар берилган.
Ўлим ҳақидаги маълумотномада Отабек Турсуналиевнинг ўлимига юрак-томир атеросклеротик касаллиги сабаб бўлгани қайд этилган. Бироқ марҳумнинг яқинлари бунга ишонмаяпти.
Миллий гвардия матбуот хизмати аскарнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида тиббиёт экспертизаси ўтказилгани, батафсил маълумот экспертиза натижалари тайёр бўлганидан сўнг берилишини маълум қилди.