Бухорода туғилган, аммо Туркияда гуллаб-яшнаган ва сўнги йилларда ватанга қайтган «Эбру»…
Эбру санъати ҳақида
Санъат кишини яшашга ўргатади, гўзалликка давъат этади, маънавий юксалтиради. Шу сабабли инсоният тарихида санъатсиз яшаб ўтилган бирорта ҳам давр йўқ.
Сеҳрли санъат тури — Эбру ҳақида эшитганмисиз? Эбру Бухорода пайдо бўлиб, Эрон орқали туркларга етиб келгани ҳақида тахминлар мавжуд. Дастлаб бу санъат тури чиғатой тилида «эбру» номи билан маълум бўлган ва Эронга ипак йўли орқали етиб келган. Кейинчалик «эбри» (булут каби) ёки «абру» (сув юзаси) номини олган.
Эбруда асар яратишнинг турли йўналишлари бор. Унда исталган тасвирни, гуллар, инсонлар, абстракт суратлар, хуллас оддий қоғозга оддий мўйқалам билан қандай тасвир тушириш мумкин бўлса, барини яратиш мумкин.
«Эбрунинг асли ватани Бухоро ҳисобланади. Бу китобат санъати, яъни «абри баҳор» (баҳор булутлари) орқали асосан китоблар муқоваси, жумладан, Қуръони карим ҳам безатилган. Бу санъат бизда йўқолиб кетган эди. Ҳозирги кунда уни қайта тикладик. Туркияга бориб, Ҳикмат устоз ва бир қанча устозлар билан Бухорога олиб келдик. Ҳозирда Устоз-шогирд мактабимиз орқали эбруни ривожлантириб келмоқдамиз» — дейди Миниатюура устаси Давлат Тошев.
Эбру санъати намуналари БМТнинг маданий мерослари рўйхатига ҳам киритилган. Унинг ўзига хослиги шундаки, бир марта чизилган суратни қайта такрорлашнинг иложи йўқ. Шу сабабдан ҳам санъат ўз индивидуаллигини бугунгача сақлаб келмоқда.