Тошкент вилояти Бекобод шаҳар ИИБга қарашли муқаддам тергов ҳибсхонаси деб юритилган, айни пайтда вақтинча сақлаш ҳибсхонаси деб аталувчи муассасада сақланаётган 23 яшар эркак ўз жонига суиқасд қилган.
Камерадошлари унинг ҳаётини сақлаб қолишган. Ҳолат 17 июндан 18 июнга ўтар кечаси тунги соат 01:00 атрофида рўй бергани айтилмоқда.
Камерадаги одеяло ёрдамида ўзини осган шахс Бекобод туман ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми бўйича қўзғатилган жиноят иши бўйича гумонланиб қўлга олинган ва қамоқ эҳтиёт чораси қўллаш ҳақида қарор қабул қилингани сабабли у Бекобод шаҳар ИИО вақтинча сақлаш ҳибсхонасига олиб келинган.
Вилоят прокуратураси ахборот хизмати бу маълумотни тасдиқлаб, айни пайтда терговга қадар текширув ҳаракатлари кетаётгани, ички ишлар ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланганини билдирди.