Ўзбекистон бўйлаб “Ёшлар ойлиги” доирасида маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан мазкур ойлик муносабати билан “Маърифат” тарғиботчилари Андижон вилоятида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида “Зиёлилар форуми” ташкил этилди. Унда профессор Нарзулла Жўраев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директор ўринбосари Мунира Қаҳҳорова иштирок этди.
Тадбирда профессорлардан бири барча телеканаллар орқали мақом вақти ташкил этилишини таклиф этди. Шундан сўнг Гулбаҳор Эрқулова мақом ҳақида сўз юритди.
“Фикрингизга қўшиламан. 30 та телеканал бўлса, барчасидан бир хил юзлар чиқади. Баъзида томошабин чарчайди ҳам, менимча.
Тўғри, барчасини ўз ўрни бор. Эстрада ҳам, лирикада ҳам, мақомда ҳам ижод қилиш керак. Чеклашга қаршиман. Аммо мақомни зерикарли деб атайдиганларга қарши чиқишга мажбурман. Мақомни мен ижод қиладиган йўналиш бўлгани учун эмас, миллийлигимизни ўзида акс эттиргани учун қадрлайман. Аслида мен ҳам жуда замонавий инсонман. Яқиндан танийдиганлар билади.
Ҳатто бошланғич синфни рус тилида ўқиганман. Лекин ўзбек тили ҳамда миллий қадриятлар, анъаналарга зид иш қилсам ўзимни гуноҳкордек ҳис қиламан. Бу ҳолатга кимдир ватанпарварлик деб таъриф берар, яна кимдир кўзбўямачилик. Менга бошқаларни қандай қараши аҳамиятсиз», деди у