Жиззахда 57 киши овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилди

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида 44 нафар фуқаро ресторанда овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳолат бўйича маълумот берди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 25–26 июнь кунлари 57 нафар фуқаро вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ич кетиш ва тана ҳарорати кўтарилиши шикоятлари билан мурожаат қилган. Дастлабки лаборатория текшируви хулосасига кўра, фуқароларга “Ўткир диарея” овқатдан заҳарланиш ташхиси қўйилиб, тиббий муолажаларни амалга ошириш учун барчаси шифохонага ётқизилган.

Беморларнинг 11 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган, 46 нафари қониқарли аҳволда экани маълум бўлган.

Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилаётган терговга қадар текширув давомида беморлар Жиззах шаҳридаги ошхоналарнинг бирида овқатланганлиги аниқланиб, ҳодиса жойидан олинган озиқ-овқат маҳсулотларининг намуналари бўйича ва барча беморларга нисбатан тегишли экспертизалар тайинланиб, соҳа мутахассислари жалб этилган.

Вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари устидан назорат ўрнатилган.