Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида халқаро муносабатлар тизимида рўй бераётган туб ўзгаришлар – геосиёсий кескинлик кучайиб, зиддиятлар авж олаётгани, глобал барқарорлик ва изчил тараққиётга хавф солаётган янги хатар ва таҳдидлар пайдо бўлаётгани, экология, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги соҳасидаги хавфлар ортиб бораётганини қайд этди.
Ўзбекистон низо ва зиддиятларни ҳал қилиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ечимларни излаш ва муросали қарорларни қабул қилишда БМТнинг марказий ўрнига нисбатан принципиал позицияга риоя қилиши таъкидланди.
ШҲТ фаолияти тўғрисида сўз юритар экан, Ўзбекистон президенти ушбу ташкилот муваффақияти унинг асосий тамойилларига қатъий риоя этишга асосланганлигига эътибор қаратди. Булар — ташкилотнинг блокдан ташқари мақоми, очиқликка қатий содиқлик, тенглик ва консенсус асосида қарор қабул қилиш тамойилларидир.
Тадбир якунида Эронни ШҲТ аъзолигига қабул қилиш тартиботини якунлаш ва унга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш тўғрисида қарор ва Беларуснинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумни имзолаш ҳақида қарор қабул қилинди.
ШҲТга раислик Қозоғистонга ўтди.