5 июль куни Тошкент шаҳридаги Event Hall тадбирлар залида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан “Сифатли таълим ва инновациялар – барқарор келажак асоси” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Конференцияга британиялик дипломат, халқаро алоқалар бўйича маслаҳатчи сэр Дэвид Ричмонд ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўрринбосари Шаҳло Турдиқулова модераторлик қилди.
4 та панлеь сессиядан иборат мазкур нуфузли тадбирда Олий таълим фан ва инновациялар вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов сўнгги беш йиллик ислоҳотлар натижасида республикада таълим сифати ва қамровини ошириш ҳамда ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш, илмий-инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, мамлакатнинг инновацион салоҳиятини шакллантириш ва янада такомиллаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича самарали механизмлар яратилганини таъкидлади.
Инновация ва илм-фан соҳаларига давлат бюджетидан ажратиладиган йиллик маблағлар ҳажми 3 баробарга ҳамда лойиҳаларни молиялаштириш хажми 3,5 баробарга оширилди. Стартап экотизимини шакллантириш борасида 19 та инновацион инфратузилмалар ташкил қилинди, стартап-лойиҳаларга грант маблағларини ажратиш, стартап жамоаларини акцелерация ва инкубация дастурларидан ўтиш тизими жорий этилиб, умумий қиймати 105,7 млрд сўмлик 136 та стартап лойиҳалари молиялаштирилди. Илмий-техник ишланмаларни жорий қилиш ва тижоратлаштиришда янги механизмлар жорий этилиши натижасида 455,1 млрд. сўм миқдорида илмий ишланмалар тижоратлаштирилди.
Бундан ташқари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида илмий даражасига эга ходимларнинг базавий лавозим маошлари 3,2 баробарга оширилди ҳамда қўшимча ҳақ тўлаш тартиби жорий этилди. Натижада, Ўзбекистон жаҳон мамлакатларининг инновацион ривожланиш тенденцияларини белгилаб берадиган Глобал инновацион индекс рейтингида 132 мамлакат орасида 2022 йилда 82 ўринни эгаллади (2015 йилга нисбатан 40 поғона юқорилади, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари орасида 3 ўринни эгаллади.)
Мамлакатда креатив иқтисодиётни шакллантиришда янги иш ўрни яратишдан бошлаб иқтисодий қиймат (капитал) яратишгача бўлган «тармоқ-ҳудуд-илмий/олий таълим ташкилот” узлуксиз экотизимни ривожлантириш мақсадида Янги Ўзбекистонда инновацион ривожланиш стратегияси қабул қилинди. Мазкур Стратегияга асосан 2030 йилга келиб Ўзбекистонни Глобал инновацион индекс рейтингида дунё бўйлаб Топ 50 мамлакатлар қаторига киритиш асосий вазифа сифатида белгилаб берилган.
“Янги Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегияси” панель сессиясида “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” (МУНИС) лойиҳаси халқаро эксперти Ербол Сулейменов, Энергетика ва янги материаллар соҳасида халқаро эксперт (Ҳиндистон) Башир Чанбаша,–“Nexus Innovation Hub and Incubator” компанияси директори ва асосчиси (АҚШ) Эрик Ажулай маърузалар билан чиқиб, мавзу юзасидан фикр ва мулоҳазааларини билдирдилар. Хусусан, 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш жараёни мослашувчанликни ҳамда глобал тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда илм-фан ва инновацияларнинг ҳозирги ҳолатини доимий равишда баҳолашни талаб қилиши таъкидланди. Шу сабабли, ушбу йўналишда мунтазам равишда тадқиқот ва изланишларни олиб бориш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Дунёдаги ўзгаришлар ва ўз эҳтиёжларига мос равишда янада самарали ривожланиш стратегиясини яратиши учун республиканинг бугунги ҳолатини холис баҳолаш муҳим аҳамиятга эга.
“Олий таълим тизими ислоҳоти: замонавий муаммолар ва тенденциялар” мавзусидаги панель сессияда Тошкентдаги Вебстер университети академик ректори Вассилис Полименис, Тошкентдаги Бритиш менежмент университети ректори Конрад Озог, Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети проректори Майкл Кларк ҳамда Тошкент давлат техника университети ректори Садритдин Турабджанов қатнашдилар.
Ўзбекистон олий таълим тизимида ўтган 6 йил мобайнида олийгоҳлар сони 77 тадан 210 тага етказилиб, уларга қабул 3,5 бараварга ортгани, ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 39 фоизга оширилганига юқори бааҳо берилди. Хусусий секторни жалб қилиш орқали 65 нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилгани, хорижий олий таълим муассасалари сони 30 тага, давлат олий таълим муассасалари 115 тага етказилгани таъкидланди. Европанинг ECTS – European Credit Transfer and Accumulation System тизими асосида олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёни кредит-модуль тизимига ўтказил, 41 та олийгоҳларга академик ва молиявий мустақиллик берилгани қайд этилди. Шунингдек, олий таълим тизимидаги давлат таълим стандартлари UNESCO томонидан жорий этилган “Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси” ва “ТХСК: Таълим ва касбий тайёрлаш соҳалари” асосида қайта ишлаб чиқилди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланди ва давлат рўйхатидан ўтказилиб таълим жараёнига татбиқ этилди.
Сўнгги олти йилда олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлик ва грант дастурлари доирасида 8 636 нафар профессор-ўқитувчилар хорижий олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилган. Олий таълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 7 385 нафар хорижлик мутахассислар ўқув жараёнига жалб қилинди.
“Глобал инновация индекси – инновациявий ривожланиш ўлчовининг мезони: дунё тажрибаси” номли панель сессияда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Конгратбай Шарипов, Халқаро эксперт (АҚШ )Кендрик Вайт, Халқаро менежментни ривожлантириш ва салоҳиятни ошириш бўйича маслаҳатчи (Швейцария) Марлон Лезама, Қозоғистон Технологияларни тижоратлаштириш бўйича экспертлари уюшмаси кенгаши аъзоси Абилай Акимбеков чиқиш қилилар. Унда Мамлакатда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, илм-фанга берилаётган эътибор ҳамда инновацион салоҳиятни яхшилашга қаратилган ишларнинг натижасида Глобал Innovation Index 2022 рейтингида Ўзбекистон илк маротаба инновацион ривожланиш бўйича Марказий Осиёнинг етакчисига айланди, жаҳон рейтингида яна 4 поғонага кўтарилиб, 82-ўринни эгаллагани ҳақида сўз борди.
“Олий таълим ва инновацион таррақиёт” мавзусидаги панель сессияда эса Жаҳон банкининг эксперти (Франция) Жан Жак Роес, SwissNewater компанияси раиси (Швейцария) Клод Бегле, Интеллектуал мулк бўйича хуқуқий маслаҳатчи ва лойиҳа менежери, Red Sea Farms (RSF) МЧЖ (Саудия Арабистони) Абай Жангабилов, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Бахтиёр Маҳкамов маърузалари билан чиқиш қилдилар.
Унда сўнгги 6 йилда республикамизда илмий даражали педагоглар улуши республика бўйича 32,7 фоиздан 39,3 фоизга ўсгани қайд этилди
Инновация ва илм-фан соҳаларига давлат бюджетидан ажратиладиган йиллик маблағлар ҳажми 3 бараварга ҳамда лойиҳаларни молиялаштириш хажми 3,5 баробарга оширилди. Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида илмий даражасига эга ходимларнинг базавий лавозим маошлари 3,2 баробарга оширилди ҳамда мақсадли кўрсатгичларга асосан ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби жорий этилди. Илмий тадқиқот институтларининг моддий-техник базаси тубдан янгиланди, 5 йил давомида уларга жами 160,16 млрд.сўм бўлган 272 турдаги лаборатория асбоб-ускуналари етказиб берилди.
Илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш тизими диверсификация қилинди, 2018-2022 йиллар давомида саноат корхоналари ва хусусий сектордан фан ва инновацияларга ажратилган маблағлар 3 баробарга кўпайди, 2022 йилда (954 млрд. сўм сарфланди) давлат томонидан молиялаштиришдан (ажратилган 591 млрд. сўм) 1,6 бараварга ошди. 2018-2022 йиллар давомида докторантурага ажратилган квоталар сони 7,1 баробарга ошди ва 2022 йилда 3 600 тага етказилди. Олий таълимдан кейинги таълимга тайёргарлик босқичи сифатида стажёр-тадқиқотчилик институти жорий этилди ва 1 200 та ёш олимлар қамраб олинди.