Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2023-2024 ўқув йили учун қабул жараёнлари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда университет раҳбарияти ва қабул жараёнларига масъуллар, бўлим бошлиқлари ҳамда 10 дан зиёд оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Тадбирни ТДИУ ректори профессор Қўнғиротбой Шарипов кириш сўзи билан очиб берди ва университет, ундаги қабул жараёнлари ҳақида тақдимот орқали маълумот берди.
Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Қабул квоталари, жумладан уларнинг таълим шакллари бўйича тақсимоти, қабул жараёнларига оид саволлар берилди. Ундан ташқари, сиртқи факультет, қўшма таълим дастурлари, илмий ишлар, ўқув жараёнлари, масофавий таълим, контракт, халқаро грантлар ва бошқа бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Шундан сўнг университет ректори журналист ва блогерларни университет ҳудудига таклиф этди. ОАВ вакиллари талабалар билим олишлари учун яратилган шароитлар билан танишди.
Маълумот ўрнида, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бугунги кунда 7 та факультет 35 та кафедра бўлиб, жами 617 нафар профессор-ўқитувчилар дарс бериб боришади, шулардан 74 нафари фан доктори-профессорлар ва 261 нафари фан номзоди – доцентлар бўлиб, бугунги кунда илмий салоҳият 55 % ни ташкил этади.
Бугунги кунда университетда 8047 нафар бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича, 7546 нафар бакалавриатнинг сиртқи таълим шакли бўйича, 286 нафар бакалавриатнинг масофавий таълим шакли бўйича, 1381 нафар бакалавриатнинг қўшма таълим шакли бўйича ва 851 нафар магистратуранинг мутахассисликлари бўйича, жами 22212 нафар талабалар таълим олиб келмоқда. 2023 йил университетни 4791 нафар талабалари мувафаққиятли тамомладилар.
2022/2023 ўқув йилида бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва масофавий таълим шакллари бўйича 3897 нафар абитуриентлар ўқишга қабул қилинган. Магистратура мутахассисликларига қабул икки босқичда ёзда ва қишда амалга оширилиб, жами 319 нафар талабгорлар талабалар сафига қабул қилинган.
Бундан ташқари, техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларини суҳбат асосида 437 нафар, Вазирлик ва идораларнинг тавсияномасига эга талабгорларни суҳбат асосида 243 нафар, Ўзбекистон Республикаси суғурта бозори профессионал иштирокчилари ходимлари қабули — 45 нафар, Олий маълумотга эга бўлмаган хоким ёрдамчиларини давлат олий таълим муассасаларининг иқтисодий таълим йўналишларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хокимларини тавсиясига кўра давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида — 27 нафар, иккинчи олий таълимга 1161 нафар, қўшма таълим дастурлари бўйича 1776 нафар абитуриентлар ўқишга қабул қилинган.
2023/2024-ўқув йилида бакалавриатнинг кундузги таълим шакли учун жами 32 та таълим йўналиши бўйича 2025 та ўрин ажратилган бўлиб, улардан 166 таси давлат гранти асосида, 1909 таси тўлов-контракт асосида тасдиқланган, жумладан битта 60310100 – Иқтисодиёт (тараққиёт иқтисодиёти), иқтисодиёт (шаҳарлар иқтисодиёти), иқтисодиёт (яшил иқтисодиёт), 60411300 – Бизнесни бошқариш (барқарор бизнес), 60412100 – Халқаро-кредит муносабатлари, 60610300 – Ахборот хавфсизлиги, 60610700 – Сунъий интеллект таълим йўналишлари янги киритилган. Бундан ташқари бакалавриатнинг сиртқи таълим шакли учун жами 1250 та ўрин тўлов-контракт асосида, масофавий таълим шакли учун 350 та ўрин тўлов-контракт асосида ажратилган. Магистратурада 26 та мутахассисликлар бўйича жами 615 ўрин ажратилган бўлиб, булардан 116 таси давлат грант, 499 таси тўлов-контракт асосида, жумладан, 3 та янги 70410101 – Бухгалтерия ҳисоби (Суд бухгалтерияси), 7412201 – Давлат молиявий назорати ва аудити, 70610701 – Сунъий интеллект мутахассисликлари тасдиқланган.