Тошкент вилоятидаги туғуруқхонада ҳомиладор аёл чақалоғи билан вафот этди. ССВ ҳодиса юзасидан баёнот берди.
14 июль соат 06:45 да Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига Ўртачирчиқ туманида яшовчи 1993 йил 28 февралда туғилган фуқаро М.Д. мурожаат қилган.
Бемор муассасага олиб келинганида аҳволи ўта оғир, териси рангпар, совуқ тер босган, артериал қон босими 70/40 мм симоб устунига тенг, тана ҳарорати 39,5 даража, тананинг шиллиқ қаватлари кўкимтир рангда, карахт ва саволларга аниқ жавоб бера олмайдиган ҳолатда бўлган.
Қабул вақтида унга Ҳомиладорлик-2, 38 ҳафта туғуруқ, сепсис. I-II даражали септик шок” дастлабки ташхиси қўйилиб, зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган. Шундан сўнг навбатчи бригада акушер-гинекологлари ҳамда анестезиолог-реаниматолог томонидан барча зарур реанимацион муолажалар амалга оширишга киришилган.
Дастлаб икки томонлама периферик вена, кейинчалик марказий вена катетерланиб, марказий веноз босим паст бўлганлиги учун шокка қарши, юрак-қон томир, нафас олиш тизимини қўллаб-қувватловчи тезкор чора-тадбирлар ўтказилган.
Шунингдек, бемор ўпканинг сунъий вентиляциясига ўтказилган. Бироқ марказий вена орқали бажарилган массив инфузион муолажалар ва жадал реанимацион терапияга қарамай, унинг гемодинамикаси тикланмаган, дейилади хабарда.
Оқибатда 2023 йил 14 июль соат 07:30 да беморда клиник ўлим ҳолати қайд этилди. Навбатчи анестезиолог-реаниматолог шифокорлар томонидан юрак-ўпка реанимацияси 40 дақиқа давомида олиб борилди, лекин юрак фаолияти тикланмади. Оқибатда соат 08:10 да беморда биологик ўлим кузатилди.
Ушбу ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланди.