Бугун, 27 июль куни Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида судья Сардорбек Содиқов раислигида YouTube платформасида «Кўзгу» саҳифасини юритган блогер Абдуқодир Мўминовга доир суд ишининг навбатдаги жараёни бўлиб ўтди.
Судда томонлар ҳамда прокурор, адвокат ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Суднинг иккинчи кунида 7 нафар жабрланувчи билан савол-жавоб қилинди ва 6 нафар гувоҳ тингланди. Шунингдек, Жиноят кодексининг 189-моддаси (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисмида кўрсатилган жиноят иши юзасидан солиқ ходими ҳам чақиртирилди.
Бугунги суд тергови жараёнида 7 та эпизод бўйича ишлар кўриб чиқилди. Жумладан, суд мажлисида даъвогар сифатида иштирок этган Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи З.Э. сўроқ қилинганида, у Абдуқодир Мўминов билан 2021 йилда танишгани, шу йилнинг октябрь ойларида унга ўзининг муаммоси билан мурожаат қилганини айтди.
Унинг кўрсатма беришича, у ўзига тегишли ғишт заводининг бошқалар томонидан қалбаки ҳужжатлар билан ўзлаштириб олингани бўйича судланувчига мурожаат қилади ва вазиятни ёритиб бериш эвазига А.Мўминов билан оғзаки тарзда (яъни шартномасиз) 10 минг АҚШ долларига келишиб олишади.
Абдуқодир Мўминов ҳақиқатда журналистик суриштирув ўтказиш мақсадида Ш.Рашидов туманига бир неча бор боради ва бу орада З.Э.унга аввалига 500 АҚШ доллари кейинчалик маҳаллий «автомойка»ларнинг бири олдида яна 3 минг АҚШ доллари беради.
– Бундан бошқа яна бир-икки марта харажатларини ҳам кўтарганман. Жами ҳисобда 3 800 АҚШ доллари олган мендан, – дейди жабрланувчи.
З.Э.нинг айтишича, Абдуқодир Мўминов шундан сўнг материални ўзининг YouTube саҳифасида эълон қилади ва нимагадир 15 кундан сўнг ўчириб юборади. Кейинчалик жабрланувчининг мазкур материални сўраб қилган мурожаатларини Мўминов эътиборсиз қолдиради. Пулни қайтариб олиш учун қилган ҳаракатлари ҳам худди шундай – жавобсиз қолади.
Ўз навбатида, Абдуқодир Мўминов, ушбу эпизод бўйича кўрсатма бериб, жабрланувчи билан газетада ишловчи бир журналист орқали танишганини, у жиззахлик бир мурожаатчининг муаммосини ёритиши мумкинлиги ҳақида билдирганини, сўнг у ушбу фуқаро билан телефон орқали боғланиб хизматини таклиф қилганини айтди.
– Ростан ҳам ўртамизда оғзаки келишув бўлган. «Иш менинг фойдамга ҳал бўлса, ўзим рози қиламан», деган. Шартнома тузиб қўйиш ҳақида мен З.Э. га бир неча бор айтдим, аммо у кейинга суриб келди ва шу тариқа шартнома тузилмай қолиб кетди.
3 800 доллар масаласида эса – ростан ҳам менга бир марта йўловчи такси орқали 500 доллар бериб юборган ва олганман. Шу билан бирга мурожаат бўйича Жиззахга борганимизда шахсий автомобилимнинг аккумулятори ишдан чиқиб қолди ва З.Э. қаердандир янги аккумулятор келтириб берди. Мен ўша пайтдаёқ унга «ака, ҳисобли дўст айрилмас, буни қанчага олган бўлсангиз, тўлаб берай» деганимда, у менга қўяверинг қабилида жавоб берган эди. Шу тариқа мен бу кишидан олган пулим 600 доллар деб ҳисоблайман, холос, – дейди Мўминов.
У, шунингдек, ушбу жабрланувчининг мурожаати бўйича тайёрланган материал ҳамда уни кейинчалик нега ўчириб юборгани ҳақида тўхталди.
– Мен ўрганиш жараёнида ҳолат аслида биринчи томоннинг айтганидек эмаслигини, нималардир шубҳали эканини сездим. Шу гумонлар ичида иккинчи томонга ҳам микрофон тутдим. Бироқ улар ўзларининг асосларини келтиришди ва интервью беришни хоҳламади. Мен эса уларни агар бу иш доирасида тушунтириш беришмаса, қўлимдаги материални шундайлигича эълон қилишга мажбур бўлишим ҳақида огоҳлантирдим. Улар эса бунга рухсат беришди. Сўнг мен видеоматериални эълон қилдим, – дейди А.Мўминов.
Абдуқодир Мўминовнинг қўшимча қилишича, материал эълон қилинганидан сўнг, YouTube маъмурияти сариқ рангли «страйк» берган, яъни огоҳлантирган. Бунга материалда фойдаланилган муаллифлик мусиқаси сабаб бўлган. У шу сабаб билан материални саҳифасидан олиб ташлашга мажбур бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Мўминовга доир жиноят ишидаги мазкур эпизод блогерга нисбатан «иш» очилишига асос бўлган.Судда, шунингдек, яна 6 нафар жабрланувчиларнинг даъволари бўйича савол-жавоблар бўлди.
Суд ишида 1 августга қадар танаффус эълон қилинди.
Маълумот учун, А.Мўминовга доир суд иши жорий йилнинг 25 июлидан бошланди. У Жиноят кодексининг 141-1-модда (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми «а,б» бандлари, 165-модда (Товламачилик) 3-қисми «а» банди, 168-модда (Фирибгарлик) 3-қисми «б,в» бандлари, 4-қисми «а» банди, 189-модда (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ҳамда 28-211-модда (Пора беришда иштирокчилик) 3-қисми «а» банди билан айбланяпти.
Айблов хулосасига кўра, мазкур жиноят иши бўйича 14 нафар жабрланувчи мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 903 421 567,5 сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланган.
А.Мўминов мазкур жиноий иш доирасида жорий йилнинг 8 февралида қамоқа олинган эди.