Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати 2023 йилнинг дастлабки олти ойи давомида республикадаги 70 та давлат олий таълим муассасаларининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотлар таҳлил қилинганини маълум қилди.
Маълум бўлишича, республика кесимида энг кўп даромадлар Ўзбекистон Миллий университети (245 млрд сўм), Фарғона давлат университети (191 млрд сўм), Қорақалпоқ давлат университети (188 млрд сўм) ва Термиз давлат университети томонидан (169 млрд сўм) шакллантирилган.
Тошкент шаҳрида жойлашган энг кўп даромад* кўрган олий таълим муассасаларининг қисқа рўйхати қуйидагича:
1. Ўзбекистон миллий университети – 245 млрд сўм;
2. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети – 165 млрд сўм;
3. Тошкент давлат иқтисодиёт университети – 151 млрд сўм;
4. Тошкент давлат техника университети – 145 млрд сўм;
5. Тошкент молия институти – 102 млрд сўм.
*Изоҳ: Олий таълим муассасаларининг даромадлари бюджетдан молиялаштирилган маблағлар, тўлов-контракт асосида ўқитиш учун тушган тушумлар, ривожлантириш маблағлари бўйича даромадлар ҳисобидан шакллантирилади.
Шунингдек, жорий йилнинг дастлабки олти ойида даромад ва харажатлар орасидаги ижобий тафовути юқори бўлган ОТМлар — Самарқанд давлат чет тиллар институти (33 млрд сўм), Навоий давлат педагогика институти (27 млрд. сўм), Термиз давлат педагогика институти (24 млрд сўм), Шаҳрисабз давлат педагогика институти (19 млрд. сўм).
Бундан ташқари, жорий йилнинг I ярим йиллиги якунлари бўйича харажатлари даромадларидан юқори бўлган ОТМлар — Наманган давлат университети (-230 млрд сўм), Чирчиқ давлат педагогика университети (-128 млрд сўм), Урганч давлат университети (-85 млрд сўм).
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг маълумотига кўра, бугунги кунда республикада жами 210 та ОТМлар бўлиб, улардан 115 таси давлат органлари тасарруфидаги ОТМлар, 65 таси нодавлат олий таълим муассасалари, 30 таси хорижий ОТМлар ва уларнинг филиаллари ҳисобланади.