Форбес журнали АҚШ Президенти Жо Байденнинг Ўзбекистон раҳбарига йўллаган мактубини эълон қилди. Мактубда Жо Байден АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик мустаҳкамланаётгани учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдиради, шунингдек, охирги йилда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини қайд этади.
«Қўшма Штатлар сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлайди», – дейилади хатда.
Шунингдек, мактубда Саида Мирзиёеванинг жорий йил бошида Оқ уйга ташрифи ҳам тилга олинган ҳамда оилавий (маиший) зўравонлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгилангани, гендер тенглиги йўлида қилинаётган ишлар эътироф этилган.
АҚШ етакчиси мактуб сўнгида Шавкат Мирзиёевни жорий йил сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши ва C5+1 учрашувида иштирок этишга таклиф этган.