Янги фармон асосида 2024 йил 1 январдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида қуйидагиларни бирлаштириш орқали юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади:
Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси;
Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси;
Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси;
Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси.
Янги жамғарма маблағлари қандай шакллантирилади?
Президентимиз фармонига мувофиқ, қуйидагилар 2024 йил 1 январдан Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:
Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган 350 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар;
спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш харажатлари учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш учун Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган 50 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасалар ва ташкилотларнинг бўш турган бинолари, кўчмас мулк объектлари ва ер участкаларини оммавий савдолар (аукцион)да сотишдан тушадиган маблағларнинг республика бюджетига ўтказиладиган 50 фоизи;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг мол-мулкини ижарага беришдан тушадиган тушумларнинг, Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг операцион харажатларини чегириб ташлаган ҳолда, маҳаллий бюджетларга ўтказиладиган 100 фоизи;
халқаро молия институтларининг, ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларнинг грантлари ва техник кўмак маблағлари;
Ғазначилик хизмати қўмитаси томонидан Тиббиётни ривожлантириш жамғармасининг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.