Наманган вилоятида хизмат вазифасини бажараётган давлат ижрочисига хўжалик пичоғи билан келиб, қонуний фаолиятга қаршилик қилиб, мажбурий ижро ҳаракатларига тўсқинлик қилган фуқарога ҳукм ўқилди.
Маълумки, Бюро органлари давлат ижрочилари суд ва бошқа орган қарорларини ижро этиш орқали фуқаролар ҳамда жамият манфаатини ҳимоя қилади. Аммо, кейинги вақтларда айрим қарздор фуқаролар томонидан суд қарори асосида белгиланган ундирилиш лозим бўлган суммани тўлаш ўрнига, давлат ижрочисига қаршилик қилиш ёки уларга турли даражада тан жароҳат етказишмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 10 апрель куни Бюронинг Тўрақўрғон туман бўлими давлат ижрочиси билан бўлган воқеа ҳам фикримизга мисолдир.
Давлат ижрочиси С.Бадалбоев 10 апрель куни соат 15:40 ларда қарздор фуқаро О.Тошбоев яшаш хонадонига кредит ҳамда бошқа қарздорликлар, шунингдек давлат фойдасига бож ундириш бўйича мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун борган. Лекин, давлат ижрочиси хонадонга келганда қарздор йўқ бўлган. Қарздор О.Тошбоевга телефон орқали мажбурий ижро ҳаракатлари тайинлангани ва келишини айтади. Шундан сўнг, қарздор “шер” мисоли давлат ижрочисини қасддан ўлдириш мақсадида хўжалик пичоғи билан келиб, қонуний фаолиятга қаршилик қилиб, мажбурий ижро ҳаракатларига тўсқинлик қилади.
Ижро ҳаракатлари давом эттираётган пайтда эса қарздор давлат ижрочисни кўкрак қафасига хўжалик пичоғи билан урмоқчи бўлганда ўзини ҳимоя қилади ва ўнг қўл кафт соҳасидан жиддий жароҳат олган. Лекин, қарздор яна давлат ижрочисини ўлдириш мақсадида уни ортидан қувган вақтда мажбий ижро ҳаракатларида иштирок этаётган давлат хизматчилари томонидан қўлидаги хўжалик пичоғи олиб қўйилади ва жиноятни охирига етказа олмайди.
Мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилиши натижада айбланувчи олдин ҳам бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилганлиги маълум бўлди. Олиб борилган тергов ва суриштирувлар жараёнида О.Тошбоев фуқароларни ишончига кириб, фирибгарлик билан ўзгаларни пул маблағларини ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборгани ҳам аниқланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон тумани судига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон туман судида атрофлича кўрилиб, ҳукм эълон қилинди.
Суднинг якуний қарорига кўра, О.Тошбоевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми, 168-моддаси, 3-қисми ҳамда 219-модданинг 2-қисмида назарда тутган жиноятларни содир этганда айбли деб топилди.
Унга нисбатан узил-кесил 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.