Денгиз сатҳидан 1450 метр баландликда янги кўмир кони очилди

Сўнгги 5 йил ичида мамлакатимизда йиллик кўмир қазиб олиш ҳажми  4 миллион тоннадан 5 млн 300 тоннага ошди.

Давлатимиз раҳбари соҳа мутахассислари олдига ушбу салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш, вазифасини қўйган. Олиб борилган изланишлар натижасида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Тўполанг сув омбори юқори қисмидан янги кўмир конини ўзлаштириш бошланди.

Юртимизда ҳозирги кунда 44 та йирик кўмир конлари мавжуд. Улар қаторига Ангрен, Шарғун ва Бойсун конлари ҳам киради. Ёқилғига бўлган талабнинг тобора ошиб бориши эса, юртимизда ҳам янги кўмир конларини топиш ва қазиб олиш суръатини оширишга туртки бўлмоқда. Натижада, Тўполанг кўмир кони ҳавзаси каби янги конлар очилмоқда.

Тўполанг кўмир кони ҳавзаси денгиз сатҳидан 1450 метр баландликда жойлашган. Айни пайтда кўмир конидан истеъмолчиларга 35 минг тонна кўмир захираси қазиб олиниб, етказиб беришга тайёрлаб қўйилган.

Кўмир конида ишларни жадаллаштириш учун 15 дан ортиқ техникалар жалб этилиб, ҳар куни кўмир ташиш 1000-1200 тоннагача олиб борилмоқда. Тўполанг кўмир конида ҳозирча аниқланган кўмир захираси ҳажми 11 млн тонна.

Қазиб олинаётган маҳсулот ижтимоий энг аввало ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли вакилларига тарқатилмоқда. Манзилли рўйхат асосида қўшимча 20 минг тонна кўмир етказиб берилиши белгиланган.

Бугунги кунда Сариосиё ва Узун туманлари аҳолиси учун кўмир маҳсулотлари етказиб бериш режасига мувофиқ, тўлиқ таъминланди. Денов ва бошқа туманларга жорий ойнинг охиригача тўлиқ етказиб берилади..

Кўмирнинг аҳоли хонадонларига манзилли етиб бориши учун Денов, Сариосиё ва Узун туманларида 11 минг 441 нафар “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”даги ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар рўйхати шакллантирилди.

Ҳозирги кунда Тўполанг кўмир кони ҳавзасида кўчкилар билан боғлиқ хавфсизликни таъминлаш, маҳсулот қазиб олиш жараёнида кўмир қатлами ётқизимларига аниқлик киритиш ва янги конларни ўзлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.