Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида бир йигит қизни мажбурлаб машинага солиб, олиб кетмоқчи бўлгани акс этган видео тарқалган эди. Вилоят ИИБ берган маълумотга кўра, воқеа аввалдан таниши бўлган қиз ва йигит ўртасида келиб чиққан келишмовчилик натижасида юз берган.
Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Исмоилжон Шариповнинг маълум қилишича ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ томонидан маъмурий тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
“Йигитга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан ҳужжатлар расмийлаштирилди” — деди Исмоилжон Шарипов.
Маълумот учун, майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари (930 минг сўм) дан беш баравари (1 миллион 650 минг сўм) гача жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.