Ўзбекистон илк бор 4,25 трлн сўм миқдоридаги яшил суверен халқаро облигациялар ҳамда 660 млн доллар миқдоридаги халқаро облигацияларни Лондон фонд биржасида жойлаштирди.
Сўмда чиқарилган суверен халқаро облигациялар МДҲ давлатлари ичида илк “яшил” суверен облигациялар ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг миллий валютадаги “яшил” облигацияларига бўлган юқори талабни инобатга олиб, 3 йиллик сўмдаги халқаро облигацияларнинг фоиз ставкаларини (купон тўлови) кутилган 18 фоиздан 16,25 фоизга туширишга муваффақ бўлинди. Мазкур транзакция билан сўндириш муддати жорий йилнинг 23 ноябрь куни бўлган 1,9 трлн. сўм миқдоридаги халқаро облигациялар муддатидан олдин сўндирилди.