Пуллик автобанлар қурилиши режалаштирилмоқда

Президент томонидан 10.10.2023 йилдаги «Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-330-сон Қарор имзоланди.

2024 йил 1 январдан:

автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланган объектларнинг асосий конструктив элементлари бўйича камида 3 йиллик кафолатли хизмат қилиш муддати жорий қилинади;

йилнинг ҳарорат юқори бўлган вақтларида автомобиль йўлларида юк ташувчи транспорт воситалари ва автопоезд (тиркама)ларнинг (махсус транспорт воситаларидан ташқари) ҳаракатланишига мавсумий чекловлар ўрнатилади;

тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда узунлиги 20 кмгача бўлган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий сектор жалб қилинади.

2025 йил 1 январдан янгидан бошланадиган йўл-қурилиш объектларида лойиҳани муҳандислик бошқариш ва техник назорат қилиш ишлари аутсорсинг шартлари асосида Халқаро муҳандислар-консультантлар федерацияси (FIDIC) амалиёти ва ҳужжатларига мувофиқ мустақил ташкилотлар, шу жумладан хусусий сектор томонидан амалга оширилади.

Шунингдек умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини юқори тезликда ҳаракатланишга оид халқаро талабларга мувофиқ лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш ҳамда келгусида ушбу йўлларга муқобил йўллар мавжуд бўлганда, «пуллик йўллар» тоифасига ўтказиш режалаштирилмоқда.

Хусусан, 2025 йилда «Тошкент-Андижон», «Тошкент-Самарқанд» йўналишлари бўйича пуллик йўлларни ва «Тахтақорача» довонида пуллик тоннелни қуриш режалаштирилган.