Сардор Мамадалиевни шоир судга берди

Яккасарой туманлараро фуқаролик суди 15 сентябр кунги ҳал қилув қарорига кўра даъвогар Жўраев Асадулла Жумаевич жавобгар Мамадалиев Сардор Маъруповични судга берган.

Даъвога кўра ҳаммага маълум бўлиб оммалашган “Қарғиш” шеъри асосида жавобгар С. Мамадалиев томонидан куйланиб келинган “Ота-онамнинг дуоси” номли қўшиқнинг шеъри муаллифи даъвогар А.Жўраев ҳисобланиши келтирилган. “Қарғиш” номли шеър даъвогар томонидан 1990 йилда ёзилганлиги ва исбот сифатида 1990 йил “Шарқ юлдузи” журналининг 9-сонида илк бор босиб чиқилганлигини билдирган.

Шоир бир неча бор қўшиқчига қилган мурожаатларига қарамай қалам ҳақи берилмаганлиги, уни овора қилганлигини, муаллифлик ҳуқуқларини бузганлиги учун суддан БҲМ 400 баравари (132 млн сўм) товон пули, 50 млн. сўм маънавий зарар ундиришни сўраган.

Суд мажлисига бир неча бор чақирилганлигига қарамай Сардор Мамадалиев суд мажлисига келмаган. Судда қатнашган Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти мутахассиси ҳам ушбу ҳолат ўрганилгани, шеър шоирга тегишли эканлигини билдирган.

Суд тарафларнинг кўрсатмалари, далилларни ўрганиб Сардор Мамадалиев Маъруповичдан Жўраев Асадулла Жумаевич фойдасига БҲМ 200 баравари (ҳ.в. — 66 млн сўм) товон пули, 15 млн сўм маънавий зарар, 3,3 млн сўм давлат божи ундиришга қарор чиқарган.