​​Инсон иммунитетнинг сусайишига нима сабаб бўлиши мумкин?



Инсон иммунитетнинг сусайишига кўп ҳолларда интоксикация, турли заҳарланишлар, ҳаддан ташқари чарчаш, оч қолиш, нотўғри овқатланиш, стресс ҳолатлари, касал юқишидан хавотирга тушиш ва қўрқиш, аввалдан кўп ва тез-тез турли касалликларга чалиниш, зарарли одатлар сабаб бўлиши мумкин.

—Бундай ҳолга тушмаслик учун организм ва руҳиятдаги ўзгаришларга, танадаги ҳолсизлик, қувватсизлик, меҳнат унумдорлигининг пасайишига эътиборлироқ бўлмоқлик,  шифокорлар кўригига бормоқлик, ўз-ўзингиздаги ўзгаришлар тўғрисида гапириб, маслаҳат олмоқлик лозим,дейди Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Гулистон  филиали  директори Матлуба Қаршибоева.Чунки, иммунитет заифлигини қанча эрта аниқласангиз, даволаниш курси ҳам шунга яраша эрта якунланади.

Фармацевтика соҳаси бугун қандай муваффақиятга эришган бўлмасин, иммунитетни мустаҳкамлайдиган “мўъжизали” даво воситасини ҳалигача кашф қилолгани йўқ.

Шу боисдан ҳам, иммунитетни кучли ва бақувват қилиш учун, энг аввало табиий неъматлар, янги пишган ва қуритилган мева-сабзавотлар, кўкатлар ҳамда сут-қатиқ ва асал маҳсулотларига аҳамият қаратмоқ лозим.

Тез тайёрланадиган, сунъий тайёрланган шўрва ва бўтқалар, консервантларни ўз ичига олган егуликлар эса организмнинг ҳимоя тизимини қувватлантира олмайди. Шу билан бирга доим бир хил таркибли овқат истеъмол қилиш иммунитетни заифлаштиради.

Сув, суюқлик ҳимоя тизимига қувват беради. Агар одамда иммунитет тушиши билан қабзият, ошқозон-ичак тизими муаммолари, тез-тез шамоллаш, тери тошмалари кузатилса, у кам суюқлик ичади, деб тахмин қилиш мумкин.

Саримсоқпиёз ва лавлаги иммунитетни кўтаришда энг кучли восита. Улар ҳатто ривожланиб келаётган саратон, сил ва бошқа жиддий касалликларнинг ҳам олдини олиши мумкин.

Сульфидларга бой бўлган редиска, турп моддалар алмашинувини яхшилаб, тромб ҳосил бўлишидан асрайди.  Малина, қулупнай каби резавор мевалар юрак-қон  томир хасталикларига қарши курашса,  брокколи, гулкарам, сабзи, селдир иммун тизимини қувватлантирувчи, турли ўсмаларнинг олдини олади.

Ва шу билан бирга, балиқ, гўшт, тухум, дуккакли экинлар ва дон маҳсулотлар жуда фойдали бўлиб,  организмдаги иммун таначаларини синтез қилишга ёрдам беради.