Ўзбекистон темир йўллари учта вокзални аукционга чиқаради

Октябрь ойи бошида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича тегишли қарорни имзолади. Ундан кейин ДХШ лойиҳалари доирасида Тошкент, Самарқанд ва Қўқон темир йўл вокзалларини ривожлантириш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев мазкур темир йўл станциялари учун давлат-хусусий шериклик лойиҳалари аллақачон тайёрланганини қайд этди. Терминаллар ДХШ тизимига ўтказилиб, бошқарув «Ўзбекистон темир йўллари» қўлида қолади.

Компания ноябрдан бошлаб Тошкент-Марказий, Самарқанд ва Қўқон темир йўл вокзаллари ҳамда улардаги бўш ҳудудларни тадбиркорларга ДХШ ҳамда шартнома асосида ижарага беради. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент-Марказий темир йўл вокзалидаги мавжуд 4 минг квадрат километр жой хусусий шерикчилик ҳамда ижарага берилмоқда. Вокзалда офис учун жой, меҳмонхона, дўкон, хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда савдо марказларини ташкил қилиш мумкин.

Бунда, ҳукумат қарорига асосан, вокзаллардаги бўш ҳудудларни ижарага олмоқчи бўлган тадбиркорнинг таклифи ўрганилиб, танланган жой «Э-аукцион» орқали ижарага берилади.

Мазкур вокзаллар ҳамда бўш жойларни ижарага олиш бўйича қизиқувчилар «Ўзтемирйўлйўловчи»нинг uzjeldorpass@mail.ru электрон почтаси, @pastrans Telegram манзили ҳамда +998 71 299 71 66 рақами орқали батафсил маълумотларни олишлари мумкин.

Президент қарори билан келаси йилдан тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш тарифлари бозор нархларида белгиланади. Бундан ташқари, темир йўл транспорти тарифларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинмоқда.