Маълумотларга кўра, воқеа 2023 йилнинг 28 июн куни, Қурбон ҳайити байрамида содир бўлган. Асли наманганлик 43 ёшли Б.А. шу куни байрамни нишонлаш мақсадида таниши М.К.нинг иш жойига борган. У йўлда ўзи билан олиб келган спиртли ичимликни М.К. билан бирга ичиб, овқатланиб бўлгач, ухлаб қолган.
Б.А.нинг сўзларига кўра, у ухлаб ётган пайтда М.К. темир чойнак билан бошига урган. Уйғониб, нега бундай қилганини сўраганда эса сўкинганлигини айтиб, уни урмоқчи бўлган. Б.А. эса тушида сўкинган бўлиши мумкинлигини тушунтириб, ўзини ҳимоя қилишга уринган. Шундан сўнг, у М.К.ни босиб олиб, бир неча маротаба қаттиқ урган ва кейин жойига ётиб ухлаган. Тонгда туриб, шеригини уйғотмоқчи бўлганида эса унинг вафот этганини тушунган.
Сўнгра, хотинига қўнғироқ қилиб, воқеани сўзлаб берган. Хотини унга милицияга ўзини топширишни маслаҳат берган.
2023 йилнинг 4 октябр куни ҳолат юзасидан бўлиб ўтган судда айбланувчининг хотини 2022 йилдан буён эри билан яшамаслиги, бунга ҳам унинг спиртли ичимликларга ружу қўйгани ва маст ҳолда кўп жанжал қилиши сабаб бўлганини айтган.
Суд Б.А.ни Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан айбли деб топиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилган.