Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида янги автомобил йўли қурилади

Қозоғистон ўзининг ғарбий вилоятларини Ўзбекистон билан боғлаш учун Бейнеу-Шалкар автомобил йўлини қуради. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири Алихон Смаилов Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида маълум қилган.

Алихон Смаиловнинг таъкидлашича, минтақанинг транспорт алоқасини ривожлантириш ҳам муҳим, чунки ИҲТга аъзо 10 та давлатдан 7 таси жаҳон океанига чиқиш имконига эга эмас.

Қайд этилишича, Қозоғистон бугунги кунда Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришга устувор аҳамият бериб, инфратузилма ва логистика лойиҳаларида фаол иштирок этмоқда. Ўз салоҳиятини ошириш мақсадида Қозоғистон, Озарбойжон, Гуржистон ва Туркия бир вақтнинг ўзида тўсиқларни бартараф этиш ва 2027 йилгача Ўрта коридорни ривожлантириш бўйича йўл хариталарини амалга оширмоқда.

«Улар йўналишнинг ўтказиш қобилиятини сезиларли даражада оширади», — таъкидлади Қозоғистон ҳукумати раҳбари. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонни Қозоғистоннинг ғарбий вилоятлари билан боғлаш учун Бейнеу-Шалкар автомобил йўли қурилади, бу ТРАСEКА 8-автомобил йўлагини шакллантиришни якунлашга хизмат қилади.

«Биз Каспий денгизидаги денгиз портларимиз салоҳиятини ҳам фаол равишда очмоқдамиз. Ақтау портида контейнер ҳаби ва Курик портида «Саржа» кўп функцияли терминали қурилади. Марказий Осиё давлатлари учун Хитой билан ўтиш пунктларида алоҳида станция йўлларини қуриш режалаштирилган. Биз бу йўналишда юк ташиш ҳажмини тизимли равишда ошириб, 2030 йилга бориб йилига 500 минг контейнерга етказмоқчимиз», — деди Алихон Смаилов.

Бош вазир қўшимча қилишича, айни пайтда Қозоғистон «Шимол-Жануб» транспорт йўлаги салоҳиятини рўёбга чиқариш чораларини кўрмоқда. Ушбу йўналишни ривожлантириш учун Эрон, Туркманистон ва Россия билан ҳамкорликда «Йўл харитаси» ишлаб чиқилган бўлиб, унинг амалга оширилиши 2027 йилгача йўлак ўтказиш қобилиятини 10 миллион тоннадан 15 миллион тоннагача ошириш имконини беради.

Маълумот учун, Ўрта йўлак Осиё ва Европани боғловчи транспорт ва савдо йўли бўлиб, минтақанинг бир қанча давлатларидан ўтади. Бу анъанавий Шимолий ва Жанубий йўлакларга муқобил йўлдир. Йўналиш Хитойдан бошланиб, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон каби Марказий Осиё давлатларини кесиб ўтади. Кейин Каспий денгизи, Озарбойжон, Гуржистон ва Туркия орқали Европага етиб боради.