Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бодринг ва узум нархи ошганига изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда бодринг нархи 9 минг сўмдан 25 минг сўмгача, узум эса 45 минг сўмдан 90 минг сўмгача ошганлиги ҳақида маълумотлар тарқалди.

Ички бозордаги ушбу ҳолат бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлиги изоҳ берди.

Вазирликка кўра, бугунги кунда очиқ далаларда етиштирилган бодринг ҳосили  йиғиштириб бўлинган ва уларнинг нархи мавсумда 1 кг учун ўртача 1,5- 2 минг сўмни ташкил қилган.

Таҳлилларга кўра, олдинги йилларда ҳам ноябрь ойи ўрталарига келиб бодринг нархи ўсиши кузатилган. Жумладан, 2021 йилда олдинги ойларга нисбатан ноябрда 1,3 баробарга, 2022 йилда эса 1,9 баробарга ошган.

«Шу билан бирга, бугунги кунда дунё бозорларида ҳам нархлар сезиларли кўтарилган, масалан 1 кг бодринг Россияда 1,1-1,7 доллар, Қозоғистонда 1,5 доллар, Польшада 1,6 долларни ташкил этмоқда», – дейилади вазирлик ахбортида.

Таъкидланишча, иссиқхонларда етиштириладиган маҳсулотлар ички бозор ва экспорт учун чиқарилган.

«Иссиқхоналарда етиштириладиган бодринг асосан август-сентябр ойларида экилиб, ноябрь ойининг учинчи декадаси ва декабрь ойининг бошларида териш даври бошланади.

Жорий йил мавсум бошида, яъни сентябр ойларида табиий газ таъминоти масаласи тўлиқ ҳал этилмагани учун иссиқхоналарда сабзавот экинларини экиш ишлари тўхтаб қолган.

Қўшимча қилинишича, иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотлар ноябрь ойи 3-декадаси ва декабрь ойи бошидан терими бошланиши билан ички бозорда нархлар барқарорлашиши прогноз қилинмоқда.

Вазирлик ахборот хизмати узум нархлари кўтарилишига тўхталар экан, кўп йиллик мониторинг кузатишларга кўра, ноябрь-декабрь ойларида узум маҳсулотлари сақлаш учун жойлаштирилади ва бу нархларнинг ошишига олиб келган.

«Хусусан, 2022 йилнинг ноябрь ойи нархи октябрга нисбатан 111,5 фоизга ошган бўлса, жорий йилда мос равишда бу кўрсаткич 119 фоизга ўсган. Жумладан, маҳсулот нави бўйича «Ҳусайни» 15 — 25 минг сўм, «тойфи» 15-20 минг сўмни ташкил этган бўлса, ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган «Ризамат ота», «Мерседес» каби навларига талаб ошган (1 кг учун 90 минг сўм атрофида).

Бундан ташқари, жорий йилда аномал совуқ таъсирида, токзорларда 18 фоиз маҳсулот йўқотилган. Бу ҳолат Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам кузатилган. Бу экспорт ҳажми тушишига ҳам таъсир этиб, январь-октябрь ойларида ҳўл ҳолдаги узум маҳсулоти экспорти 113 минг тонна (2022 йилга нисбатан 49 фоиз ёки -123 минг тонна кам)ни ташкил этди», – дея тушунтириш беради вазирлик.

Маълумот учун, ташқи бозорда узумга бўлган талабнинг ошиши ҳамда нархларнинг юқорилаши ички бозорга ҳам таъсир этган. Хусусан, 1 кг узум нархи Россияда 2-6 доллар, Польшада 2,9 доллар, Тожикистонда 2,2 долларни ташкил этяпти.

Шу билан бирга, жорий йил ноябрь ойидан комунникация ва логистика харажатлари (хусусан, электр энергияси нархи 3 баробар) ҳам ошиши узум нархига таъсир кўрсатган.

Шу ўринда, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархлари ошиши билан боғлиқ вазият табиий ҳолат бўлиб, бу қиш мавсуми учун иссиқхоналарда бир муддат тайёргарлик ишлари натижасида юзага келган.