БМТнинг чўлланиш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва БМТнинг қум ва чанг бўронларига қарши кураш коалицияси раиси Ферас Зиадат ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан БМТнинг қум ва чанг бўронларига қарши кураш коалицияси ўртасида ерларнинг деградацияси ва ер ресурсларини барқарор бошқариш, шу жумладан, тажриба алмашиш, Ўзбекистоннинг қум ва чанг бўронлари хавфи юқори бўлган ҳудудларида қўшма илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, эрон ва афғон шамоллари натижасида баҳор-куз мавсумида Бухоро, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида кузатилаётган қум ва чанг бўронлари аҳоли саломатлиги ва ҳайвонот дунёсига зарар етказаётгани таъкидланди.
БМТ коалицияси раиси чанг ва қум бўронлари тобора долзарб бўлиб бораётган трансчегаравий муаммо эканлигини, бу айниқса, тирикчилиги табиий ресурслар ва қишлоқ хўжалигига бевосита боғлиқ бўлган фермерлар ва одамларга жиддий таъсир қилишини таъкидлади.
Чанг ва қум бўронлари таъсирини камайтириш мақсадида йиғилишда ФАО ва БМТнинг қум ва чанг бўронларига қарши кураш коалицияси билан ҳамкорликда аниқ методологиялар ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва муҳим стратегик йўналишларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
Учрашув якунида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва БМТнинг қум ва чанг бўронларига қарши коалиция делегациясининг 2024 йил 12–17 февралда Самарқандда бўлиб ўтадиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш (CМС CОP-14) тўғрисидаги Конвенция иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши ҳамда Самарқанд иқлим форумида иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилди.