Сўнгги пайтларда кўпчилик инсонларни оёқ ва бел оғриғи хасталиклари тез-тез безовта қилмоқда. Тиббий текширувлар натижасида эса уларнинг аксариятида умуртқалараро диск чурраси аниқланяпти.
Хўш, у қандай касаллик? Диск чурраси хуруж қилганда нима қилиш лозим?
Шу каби саволларга тиббиёт фанлари доктори Шоҳайдар Шотурсунов жавоб берди.
— Умуртқалараро диск чурраси бўйин ва бел қисмларида кўп учрайди, — дейди мутахассис. — Бемор ўзида хасталик ривожланаётганини мустақил била олмайди. Ўтказиладиган компьютер ва магнит резонанс томография текшируви хулосаси орқалигина унга аниқ ташхис қўйиш мумкин.
Аксарият кишилар белдаги оғриққа жиддий эътибор бермайди. “Туз йиғилиши”, “нерв толалари шамоллаши” каби тахминлар билан юравериш, одатда, касалликнинг зўрайишига сабаб бўлади.
Хасталик хуруж қилганда беморда кўнгил айниши, қайт қилиш, чурра жойлашган соҳа атрофи қўл билан пайпасланганида қоринда тўлғоқсимон оғриқ кузатилади. Чурра катталашиб, таранглашади. Бу ҳолатда оғриқ қолдирувчи дорилар қабул қилиш мутлақо мумкин эмас. Чунки улар кейинчалик организмда турли асоратларни келтириб чиқариши мумкин.
Қолаверса, ўзбилармонлик билан уй шароитида даволаниш ҳам жиддий муаммоларга сабаб бўлади. Энг тўғри йўл — шифокор кўригидан ўтиш ҳамда буюрилган даво муолажаларини ўз вақтида бажаришдир.
Бу касалликни кўпинча яқинлар умуртқа поғонасини босиш, уқалаш ва шунга ўхшаш амалиётлар орқали даволашни таклиф этади. Бироқ мутахассис сифатида шуни айтаманки, бундай чоралар аксинча, шикастланган умуртқани қийнаши ва бемор ҳолатини янада оғирлаштириши мумкин.