Жорий йилнинг 24 ва 28 ноябрь кунлари “Youtube” интернет ижтимоий тармоғида блогер Олимжон Тўхтаназаров Шўрчи туманида яшовчи тадбиркорлар МИБдан ўзларига тегишли компенсация пулларини 5 йилдан бери ололмаётганлиги ҳамда МИБ ахборот хизмати унга нисбатан “шантаж” қилаётганлиги юзасидан видеомурожаат йўллаган.
Аниқланишича, Шўрчи туманидан келган ундирувчи фуқаролар 5 йилдан буён сарсон бўлишгани йўқ.
Сабаби уларнинг 2 та ижро ишлари МИБ Шўрчи туман бўлимига жорий йил 13 апрель ҳамда 14 май кунлари келиб тушган.
Иш мазмунига кўра, Шўрчи туман ҳокимлиги ҳисобидан даъвогар Тўрахон Муродовнинг фойдасига давлат ва жамоат эҳтиёжи учун бузилган савдо дўкони бинолари учун жами 590 млн. 600 минг сўмга яқин компенсация ундириш белгиланган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида, Шўрчи туман ҳокимлигининг барча ҳисоб рақамларига банд солиниб, қарор ижросини таъминлаш учун Шўрчи туман Ғазначилик бўлимига талабнома юборилган.
Шунингдек, дастлабки ижро иши бўйича Шўрчи туман ҳокимлиги ҳисобидан Тўрахон Муродов фойдасига 74.724.250 сўм компенсация пуллари тўлиқ ундирилиб, ижро ҳужжати 03.10.2023 йилда амалда тамомланган.
Шунингдек, иккинчи ижро ҳужжати бўйича 27 октябрь куни туман ҳокимлиги ҳисобидан Тўрахон Муродов фойдасига 85 000 000 сўм пул маблағлари ундириб берилган.
Ҳозирда мазкур ижро ҳужжати бўйича фуқаро Т.Муродов фойдасига ундирилиши лозим бўлган 430 856 360 сўм компенсация пулларини ундириш бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда Шўрчи туман ҳокимлигидан компенсация билан боғлиқ 13 млрд. сўмлик 52 ижро ишлари иш юритувда мавжуд.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” ги Қонуннинг 78 ва 80-моддалари талабларига асосан — қарздордан ундирилган пул суммаси ижро ҳужжатлари бўйича барча талабларни қаноатлантириш учун етарли бўлмаса, бу сумма ундирувчилар ўртасида ушбу Қонуннинг навбат бўйича тақсимланиши, навбатдаги талаблар ўзидан олдинги навбатдаги талаблар тўлиқ қондирилгандан кейин қаноатлантирилиши назарда тутилганлигини унутмаслик лозим.
Бу жараёнда, фуқароларимизнинг солиқ қарздорлигини ўз вақтида бартараф этиши ҳам муҳим аҳамият касб этади, айнан солиқлар ва маҳаллий йиғимлар ҳокимлик ғазнасини тўлдирса, бу маблағлар компенсация тўловларига қаратилади, бу эса ундирувчи ва тадбиркорларнинг ҳам сарсон бўлишининг олдини олади.
Жорий йилнинг 28 ноябрь куни блогер Олимжон Тўхтаназаров Мажбурий ижро бюросининг марказий аппаратига ундирувчилар Т.Муродов ва унинг турмуш билан ташриф буюриб, компенсация масаласида Бюро раҳбарияти ёки масъул ходимлари билан учрашмоқчи бўлишган.
Шунда ижро ишига бўйича расмий изоҳ бериш учун Бюронинг ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпулатов фуқароларни қабул қилиш хонасида, блогер О.Тўхтаназаров ҳамда ундирувчи фуқароларга ижро иши мазмуни бўйича изоҳ беришга тушган.
Ўзаро суҳбат давосида, ахборот хизмати раҳбари Ф.Тошпулатов йўл ҳаракат қоидаларини бузганлик учун кўплаб қарздорликка эга бўлган ҳуқуқбузарларга нисбатан оммавий ахборот воситаларига хабарлар берилаётганлиги, жумладан О.Тўхтаназровнинг ҳам 10 дан ортиқ жаримаси борлигини ва ушбу қарздорликни ўз вақтида тўлаб қўйиш лозимлигини маълум қилган.
Бундан «жазава»га тушган блогер О.Тўхтаназаров МИБ ахборот хизматини “шантаж” ва таҳдид қилаётганлигини айтиб видео мурожаат жойлаштирган.
МИБ ахборот хизматининг айтишича, Мажбурий ижро бюроси органлари ва ЙҲХБ органлари билан ҳамкорликда йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, қўлланилган жарималарни ўз вақтида тўламасдан келаётган фуқароларга нисбатан таъсир чоралари кўрилиб, жарималарни ундириш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан кўзланган мақсад эса, йўл ҳаракати қоидабузарликларининг олдини олиш ва қарздорликларни бартараф этиш ҳамда қарорлар ижросини таъминлашга ҳамда масъулиятни ошириш қаратилган жараён ҳисобланади.
Шунингдек, Ф.Тошпулатов ўзини оммавий ахборот воситалари ходими деб таништирган Олимжон Тўхтаназаровга, уни фақат блогер сифатида билишни айтган.
Ҳозирда ҳам блогер О.Тўхтаназаровга нисбатан мавжуд ижро ишлари бўйича 10 та ижро ишлари бўйича жарималари тўланмаган.
Бундай маълумотларни олиш эса, ҳар ким шаффоф тарзда МИБнинг расмий сайти орқали бемалол олиши мумкин, дейилади хабарда.