Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги делегация Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга доир масалаларни муҳокама қилиш, Амирликлар томонидан сўнгги йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар билан танишиш мақсадида мазкур мамлакатга ташриф буюрди.
Абу-Даби шаҳрида БАА Бош вазири ўринбосари — Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар ўзаро амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, хусусан, трансмиллий уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, одам савдоси ва кибержиноятларга қарши биргаликда курашиш, мазкур йўналишларда ходимларнинг малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашишни муҳокама қилдилар ҳамда истиқболдаги режаларни белгилаб олдилар.
Ташриф доирасида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш ва алмашиш тўғрисида”ги Англашув меморандуми икки давлат ички ишлар вазирлари томонидан имзоланди.