Telegram мессенжеридаги каналларда Damas русумли тез ёрдам автомобилларининг метан заправкада навбатда тургани акс этган суратлар тарқалди. Автомобильларнинг давлат рақамларидан воқеа Фарғона вилоятида содир бўлгани аниқланди.
Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг «Ogoh.uz»га билдиришича, тез ёрдам автомобилларининг метан газ қуйиш учун навбатда тургани ҳақиқат.
Маълум бўлишича, 2023 йил 6 декабрь куни Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона филиали Тошлоқ туман тез тиббий ёрдам станциясига қарашли жами 5 дона Damas русумдаги тез ёрдам автомашинаси соат 9:40 ларда Тошлоқ туманидаги метан газ қуйиш шохобчаси ишламай қолганлиги сабабли Марғилон шаҳридаги “Универсал грант” метан қуйиш шохобчасига газ қуйиш учун борган. У ерда тез тиббий ёрдам учун алоҳида йўлак ташкил этилганлигига қарамай, Марғилон шаҳар станциясига қарашли тез тиббий ёрдам автомашиналари билан бир вақтда келиб қолганлиги натижасида навбат юзага келган, — дейди масъуллар воқеани изоҳлар экан.
Бошқарма ахборот хизматининг қўшимча қилишича, мазкур муаммо юзага келишига сабабчи бўлган мутасаддилар огоҳлантирилиб, уларга чора кўрилган.
Ҳозирда барча автомашиналар ўз жойида ҳаракатланмоқда, — дейилади масъуллар маълумотида.